
ҚарДУ вакиллари Университи Sains Malaysia тажрибасини ўрганмоқда
Айни кунларда Қарши давлат университети Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Зулқайнар Назиров ҳамда Халқаро рейтинглар ва аккредитация бўлими мутахассиси Фаррух Аминов Малайзиянинг нуфузли Университи Sains Malaysia (USM) олийгоҳида қисқа муддатли стажировка ўтамоқда. QS халқаро рейтингида ТОП–146 ва барқарорлик рейтингида ТОП–251-ўринни эгаллаган мазкур университетда таълим сифати, халқаро рейтинглар ҳамда барқарорлик соҳаларидаги илғор тажрибалар ўрганилмоқда. Стажировка доирасида USM Режалаштириш ва стратегик маркази директори профессор Саидатулакмал Моҳд, бўлим бошлиқлари Моҳамед Азлан, Puan Norlela, Siti Anurra ва Eliza Mohd иштирокида университетнинг халқаро рейтингларда қўллаётган стратегиялари бўйича учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, Глобал барқарорлик тадқиқотлари маркази вакиллари – директор ўринбосари профессор NG Theam Foo, координатор профессор Japareng Lalung ҳамда марказ ходимлари билан учрашув ўтказилиб, USM томонидан барқарор ривожланиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти тингланди. Ташриф доирасида университетнинг Hamzah Sendut кутубхонасига ҳам борилди. Кутубхонанинг хизматлари, бошқарув тизими ва фаолияти бўйича Корпоратив ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Nur Afiqah томонидан маълумот берилди.