
ҚарДУ вакиллари Туркиядаги Барқарор ривожланиш конгрессида
16–19 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Times Higher Education” (THE) агентлиги томонидан ташкил этилган “Global Sustainable Development Congress” (Барқарор ривожланиш бўйича халқаро конгресс) бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли тадбирда иқлим ўзгариши, инклюзивлик, таълим тизимининг барқарор ривожланишдаги ўрни каби глобал масалалар юзасидан панель сессиялар, семинар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда. Конгрессда 100 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари, университетлар, вазирликлар вакилларидан иборат 5000 дан зиёд делегат иштирок этмоқда. Тадбир доирасида ташкил этилган университетлар кўргазмасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистоннинг 9 та олий таълим муассасаси, жумладан, Қарши давлат университети ҳам ўз павилонини намойиш этмоқда. Халқаро конгресс давомида Туркия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Филиппин, Тайланд ва Покистон каби давлатларнинг етакчи университет ва ташкилотлари Қарши давлат университетига катта қизиқиш билдирмоқда. Тадбир давомида ўзаро маълумот алмашиш, тажриба улашиш ва ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш борасида самарали музокаралар олиб борилмоқда.