Қурол ва пиротехника воситалари – инсон ҳаёти учун хавф-хатардир
Айни кунларда мамлакатимизда ўтказилаётган “Долзарб 50 кунлик” махсус профилактик тадбири доирасида Қарши давлат университетида “Қурол ва пиротехника воситалари – инсон ҳаёти учун хав-хатардир” мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Назорат лицензиялаш гуруҳи катта инспектори, маёр С.Раҳмонов, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Кузиев, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари, Математика ва компьютер илмлари, Физика, Хорижий тиллар факультетлари декан ўринбосарлари А.Жўраев, Ф.Муқимов, Ҳ.Муродов ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир меҳмони С.Раҳмонов қурол ва пиротехника воситаларини ишлатишнинг ҳуқуқий, ижтимоий, психологик ва бошқа оқибатлари ҳақида сўзлаб берди. Амалиётдан бир нечта мисоллар келтирди. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Қонунлар (ЎРҚ-946-сон, 27.08.2024 й, ЎРҚ-949-сон, 28.08.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Қўшимчага кўра, шахс ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширса маъмурий жавобгарликдан озод қилинади. Шунингдек, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистондан олиб чиққанлик, шунингдек, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки Ўзбекистонга олиб кирганлик учун мазкур ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. С.Раҳмоновнинг қайд этишича, ушбу Қонунлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Тадбир давомида йиғилганларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилиб, мавзуга доир буклетлар тарқатилди.