Талаба-қизлар бандлиги доимий эътиборда

Талабалар бандлигини таъминлаш мақсадида Қарши давлат университетида “Чевар қизлар” тикувчилик цехи ташкил этилган. Бу ерда университет ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, талабалар турар жойлари учун тикув-трикотаж буюмлари (юқори сифатли сочиқ, чойшаб, матрас, ёстиқ жилдлари) ишлаб чиқарилади. Тикувчилик цехида 2 сменада иш ташкил қилинган бўлиб, 20 нафар талаба-қизлар иш билан таъминланган. 

Иш жараёнида тикув цехи иш юритувчиси, Технологик таълим кафедраси ўқитувчиси Т.Қаҳҳорова томонидан бошланғич тикувчиликка тайёрлаш, миллий кийимлар тарихи, тикув машина жиҳозлари тузилиши, тикув буюмларни конструкциялаш ва жиҳозлаш, тикувчилик технологияси оид билимлар ҳам бериб борилади. Мазкур тикувчилик цехида ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба-қизларни ўқитиш ва кейинчалик тадбиркорлик қилиш орқали қўшимча даромад топишлари мақсад қилинган.

Маълумот ўрнида, “Чевар қизлар” тикувчилик цехи 2022-йил 10-март куни иш бошлаган бўлиб, ҳозирда цех фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида алоҳида тикув хонаси ташкил этилди ҳамда қўшимча 10 та янги замонавий русумдаги тикув машиналари харид қилинди.