Миллат фидойиларини ёд этиб...

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 июндаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги ПҚ-270-сон Қарорига кўра ҳар йили октябр ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда "Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги" сифатида нишонланади. 

Хусусан, халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги кўп асрлик мардона кураши, бу йўлда сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувлари ташкил этилади. 

Ҳафталик доирасида университет тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида “Тарихий хотира, маънавий ва руҳий тарбия - Янги Ўзбекистон пойдевори” шиори остида “Миллат фидойиларини ёд этиб: Жадидларни ўғлимга шарҳлаб берган эл” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир аввалида сўз олганлар жадидчилик ҳаракати асослари, уларнинг таъқибга олиниши, қатағон машинасининг даҳшати ҳақида гапириб, Ватан ва миллат учун жон фидо қилган ўзбек халқининг буюк фарзандлари хотираси ҳамиша барҳаёт эканлигини қайд этдилар. 

Сўнгра, “Қақнус” талабалар театр студияси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим қаламига мансуб "Кундузсиз кечалар" асари асосида режиссиёр Музаффар Файзиев томонидан саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Ёш талаба-актёрларининг маҳоратли ижроси йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Иқтидорли талабалар ижросида монолог ва ёқимли куйлар тадбирнинг таъсирчанлигини янада оширди.