
Байрам нафаси кўнгилларга қувонч бағишламоқда
Вақт деганлари югурик. Ҳадемай яна бир йил поёнига етади. Ҳаммамиз хурсандчилик билан нишонлайдиган байрамлар орасида эса Янги йил айёмининг ўзига хос ўрни бор. Бу байрам каттаю кичикка — барчага бирдай қувонч улашади.
Айни кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қарши давлат университетида ҳам Янги йил байрами ўзига хос кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Жорий йилнинг 19-декабрь куни Филология факультетида Янги йил байрамига бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда факультет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирни факультет декани Б.Ризаев очиб берди. Шунингдек, профессорлар-ўқитувчилардан Бойназар Йўлдошев, Хўжамурод Жабборов, Нафас Шодмонов университетда эришилган салмоқли ютуқлар ҳақида гапириб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этишди.
Тадбирда жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, Навоий номли давлат стипендияси, Ҳоким стипендиясига сазовор бўлган ҳамда факультет, университет ва республика миқёсида ўтказилган турли танловларда фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллаган иқтидорли талабалар ташаккурнома, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрамона тадбир Санъатшшунослик факультети талабалари ижросидаги куй-қўшиқларга уланди. Безатилган арча атрофида Янги йилнинг асосий қаҳрамонлари Қорбобо ва Қорқиз томонидан қизиқарли викторина ўтказилиб, саволларга тўғри жавоб берган талабаларга совғалар улашилди.
Ушбу муваффақият билан талабаларимиз ҳамда уларнинг устозларини самимий қутлаймиз! Китобхон ёшлар сафи кўпаяверсин!