
Буюк олмон шоири таваллудига бағишлаб тадбир ўтказилди
Буюк олмон шоири Ҳайнрих Ҳайне мукаммалликка интилган, шахс эркинлиги учун курашган, ўзлигини таниган инсон сифатида адабиёт ихлосмандлари хотирасида ёрқин намоён бўлаверади. Унинг ижодида қатъий оҳангда немис халқи ҳаётидаги ижтимоий-маиший муаммолар, кишиларда учрайдиган мешчанлик, худбинлик каби салбий иллатлар қораланади. Бугун немис шоири, публицист, танқидчи ва мутафаккир Ҳайнрих Ҳайне (1797–1856) таваллудининг 220 йиллиги муносабати билан Хорижий тиллар факультетида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни Немис тили ва адабиёти кафедраси мудири, доцент Алишер Маҳмудов очиб берди. Тадбирда талабалар томонидан шоир ижодига мансуб шеърлар ўқилди. Адиб асарларидан парчалар саҳна кўриниши орқали намойиш қилинди. Ҳайне талқинидаги инсонпарварлик ғоялари халқимиз қалбида ҳам акс-садо бериб, ижодкорларни илҳомлантирувчи ижод гулшани, тадқиқотчилар учун бой манба бўлиб хизмат қилади. Тадбирда шоир ижоди ва асарларига оид қизиқарли викторина саволлари намойиш қилиниб, унда фаол иштирок этган талабалар эсдалик совғалари билан тақдирланди.