Таълим муассасасида хавфсиз, ҳурматга асосланган таълим муҳитини шакллантиришнинг долзарб масалалари
Қарши давлат университетида “Таълим муассасасида хавфсиз, ҳурматга асосланган таълим муҳитини шакллантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирга Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судяси Ш.Эшимов, Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари, подполковник И.Бозорова, катта лейтенант Н.Мақсадова таклиф этилди. Тадбирни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Кузиев кириш сўзи билан бошлаб берди. Давра суҳбатида, шунингдек, Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Ш.Карамова, университет психологи А.Ҳусанов, профессор-ўқитувчилар, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирда хавфсиз таълим муҳитини таъминлаш, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, касбий этика ва профессионал чегараларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш каби мавзуларда сўз борди. Таъкидланганидек, таълим муассасаси — бу нафақат билим бериладиган жой, балки шахс шаклланадиган, қадриятлар мустаҳкамланадиган муҳитдир. Ушбу муҳит хавфсиз, ҳурматга асосланган ва адолатли бўлиши шарт. Айниқса, талабалар билан ишлаш жараёнида педагогнинг касбий чегараси, ахлоқий масъулияти ва ҳуқуқий жавобгарлиги аниқ белгиланган. Тадбир сўнгида иштирокчиларнинг савол ва мулоҳазалари тингланди ҳамда тегишли жавоблар берилди.