Қарши давлат университетида Академик фаолият ва регистратор бошқармаси ҳамда кутубхона фойдаланишга топширилди
Баҳор фаслининг илк ҳафтаси университет жамоаси ва талаба-ёшлари учун ўзгача шодиёнага айланди. Сабаби, олийгоҳда янгидан қад рослаган муҳташам Академик фаолият ва регистратор бошқармаси (Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази) ҳамда қайтадан мукаммал таъмирланиб, тўлиқ электронлаштирилган замонавий кутубхона фойдаланишга топширилди. 2022 йилда олийгоҳ талабаларидан ташкил топган жамоа илк бор олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал олимпиадасининг тарихий совриндорлари сифатида Президент совғаси - замонавий кутубхона тизимини қўлга киритишган эди. Айни мақсадда университет Ахборот ресурс маркази ички маблағлар ҳисобидан тўлиқ капитал таъмирланди ҳамда Президент соврини сифатида қабул қилиб олинган замонавий автоматлаштирилган кутубхона жиҳозлари билан тўлиқ рақамлаштирилди.
Мавжуд 100 ўринли ўқув хоналари эндиликда 200 ўринли ўқув хоналарига оширилди. Маънан эскирган 60 дона компьютерлар 100 дона замонавий компьютерлар билан алмаштирилиб, 2 та компьютер синф хоналари ташкил этилди. Профессор-ўқитувчилар, олий таълимдан кейинги таълим, магистр ва бакалаврлар учун учун алоҳида хонада Wэб оф Сcиэнcэ, ПроҚуэст, ЭБСCО ва Знаниум каби халқаро базалардан фойдаланиш имконияти яратилди. Тил ўрганишни хоҳлаган фойдаланувчилар учун 2 та лингафон хоналари ҳозирланди. Эътиборли жиҳати кутубхонада давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан университетга бириктирилган ёндош маҳаллалар ёшлари учун Маҳалла ёшлари кутубхонаси ташкил этилди.
РФИД технологиялари асосидаги автоматлаштирилган ушбу кутубхонада вилоятда ягона бўлган 2 дона ультрабинафша нурли китоб стерилизаторлари жойлаштирилди. Шунингдек, 2 дона 3Д принтерлар билан жиҳозланиб, университетда мавжуд архитектура, дизайн, математика ва компьютер илмлари йўналиши талабалари учун визуал моделлаштириш ва ушбу жараённи кузатиш имкониятлари яратилди. Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида шахмат-шашка бурчаги ҳамда 6 дона юмшоқ мебеллар тўпламлари билан жиҳозланди.
Китоб сақлаш учун иситиш ва совутиш тизимлари таъмирланиб мўътадил шароитлар яратилди. Ўтган ўқув йили давомида кутубхона фонди ҳам сезиларли тарзда ўсди. Маълумот ўрнида, ўтган ўқув йилидаги кутубхона фонди 19132 номда 355535 нусхадан иборат бўлган бўлса, ҳозирда 19400 номда 362686 нусха мавжуд бўлиб, 268 номда 7151 нусхада янги ўқув адабиёт ва дарсликлар билан бойитилди. Ҳозирда университет кутубхонасидаги ўринлар сони аввалгига нисбатан (илгари 250 ўринли)150 ўринга оширилиб умумий қуввати 400 ўринга етказилди ҳамда бир вақтнинг ўзида 400 дан ортиқ фойдаланувчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Замонавий андозада ва халқаро талаблар асосида бунёд этилган Академик фаолият ва регистратор бошқармаси (Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази) - талабаларнинг ортиқча оворагарчилигига барҳам берадиган, таълим жараёни билан боғлиқ барча саволларига жавоб топиладиган ҳамда сифатли хизмат кўрсатиладиган тузилма ҳисобланади.
Бошқарма таркибида Академик фаолиятни бошқариш бўлими, Қабул жараёни ва талабалар регистрацияси бўлими, Маълумотлар базаси бўлими, Таълимнинг кредит тизимини бошқариш бўлими, Карера маркази, Талабалар билан ишлаш бўлимлари фаолият олиб боради. 30 нафар малакали ходимлар томонидан талабаларга 60 турда ва профессор-ўқитувчиларга эса 43 турда хизмат кўрсатилади. Шунингдек, бошқармада “Хавфсиз ҳудуд – хавфсиз талаба” тамойили асосида олийгоҳ ҳудудини 24 соат давомида кузатиш имкониятини берувчи замонавий мониторлар ўрнатилган бўлиб, “Қалқон” жамоатчилик гуруҳининг навбатчилиги йўлга қўйилган.