Qarshi davlat universitetida 2023-2024 o‘quv yili uchun kasbiy (ijodiy) imtihonlar yakuniga yetdi
Бу йил университетга спорт фаолияти: футбол, волейбол, енгил атлетика, кураш, дзюдо, дизайн: либос ва газламалар, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, рангтасвир: дастгоҳли ва мусиқа таълими йўналишларига 1674 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар Қарши давлат университетининг марказий стадиони, кураш спорт зали ва Санъатшунослик факультети биносида бўлиб ўтди. Ҳар бир йўналиш бўйича абитуриентларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин кутиш зали ташкил қилиниб, имтиҳон жараёнларини тўғридан-тўғри монитор орқали кузатиш имконияти яратилди.
Ижодий имтиҳонларни адолатли, шаффоф ўтказилишини назорат қилиш мақсадида вазирликнинг масъул вакиллари, университет Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс – назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан жараёнлар бевосита кузатиб борилди. Синовлар ўтказилган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш учун ИИБ ҳамда тиббиёт ходимлари жалб этилди. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида жараёнлар университетнинг https://qarshidu.uz/uz/page/imtihonlarni-onlayn-kuzatish платформаси орқали жонли эфирга узатилди. Бугун касбий (ижодий) имтиҳонларнинг сўнги кунида спорт фаолияти: футбол таълим йўналиши бўйича 57 нафар абитуриентлар синовларда иштирок этди.