Университет янгиликлари

Китоб тақдимоти

9 June, 2021

Маънавиятимиз хазинаси халқ ижодиётидан тортиб ҳозирга қадар яратилган нодир асарлар билан бойимоқда. Пойтахт адабий муҳитининг шакллланиши ва камол топишида қашқадарёлик ижодкорларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта. Қарши давлат университети фаоллар залида филология фанлари доктори, профессор Бойназар Йўлдошевнинг 130 дан ортиқ  воҳа ижодкорлари портретига чизгилардан иборат “Қашқадарё адиблари” китоби ҳамда Филология факультети Адабиётшунослик кафедраси қошида ташкил этилган “Ижод гулшани” тўгараги аъзоларидан 27 нафар ижодкор талабаларимизнинг шеъру ҳикоялари кафедра ўқитувчиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Нилуфар Умарова томонидан сараланиб нашрга тайёрланган ва университет ҳомийлигида чоп этилган “Олтин давр овози” баёз китоблари тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Элёр Ҳакимович Ибрагимов кириш сўзи билан очиб, бадиий кечанинг мазмун-моҳияти  ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар “Воҳа адабий муҳити ҳақида”, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова “Адабиёт – кўнгил ойнаси” (“Қашқадарё адиблари” китоби ҳақида), Адабиётшунослик кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Шоҳида Каромова “Ойдин орзулар сари йўл” (“Олтин давр овози” китоби ҳақида) мавзуларида маъруза  қилишди. 

Филология фанлари доктори, профессор Дамин Тўраев ҳар икки китобнинг ижод оламидаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Филология фанлари доктори, профессор Бойназар Йўлдошев китобга киритилган ижодкорларнинг ижоди ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Мансурова, ижодкор Тошқул Каримовлар  ўз ижодларидан намуналар ўқидилар.

Шундан сўнг ”Олтин давр овози” баёз китобига киритилган ёш ижодкорлар иштирокида мушоира ташкил этилди.

Тадбир сўнггида ижодкор талабаларга китоблар тарқатилди. Тақдимот анжуманини Адабиётшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Нафас  Шодмонов бошқариб борди.