“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!”

Қадрли ҳамкасблар, азиз талабалар!

Жорий йилнинг 27 июль куни президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шундай дейилади: “Айнан 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди”.

Ўзбекистон Мустақилликка эришган кун ҳақида гап кетганда, Ватанимиз йилномасига олтин ҳарфлар билан ёзилди, деб таъкидланади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у бизга миллий ўзига хослигимизни, эътиқодимизни, ор-номус ва ғуруримизни, миллий қадриятлар, урф-одат ҳамда анъаналаримиз билан фахрланиш ҳиссини қайтарган байрам сифатида халқимиз қалбининг энг тўридан жой олган.

Шу боис халқимиз ҳар йили бу байрамга бутун қалб-қўрини бериб, баланд руҳ билан тайёргарлик кўради. Мен бугунги қутлуғ лаҳзаларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан қадрли жамоамизни, илмга чанқоқ талабаларимизни қутлашдан беҳад бахтиёрман. Таъкидлаганимиздек, айни кунлар, соатларда халқимиз ҳам ушбу байрамни нишонлаш иштиёқи билан яшаётгани қалбларга кўтаринкилик, шодлик, ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ушбу иштиёқ, завқ ва истакларни рағбатлантириш мақсадида Ш.М.Мирзиёев раҳнамолигида истиқлолимизнинг 32 йиллик тантаналарини муносиб ўтказиш мақсадида ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди. У “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган шиор остида кенг нишонланмоқда.

Маълумки, истиқлол қўлга киритилгандан кейинги давр мобайнида элимизнинг бирдамлик билан қилган фидокорона меҳнатлари миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари янги қиёфа касб этди ва энг муҳими, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида эътироф қилиниб, ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Таъкидлашим зарурки, яқин ўтган давр мобайнида юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, эришилаётган қатор ютуқлар негизида олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳам ўз ҳиссаси бор. Қолаверса, бундай юксалишларни университетимизда фаолият юритаётган ҳар бир профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим чуқур ҳис қилгани ҳолда ушбу жараёнларга фаол иштирок этиб келаётгани кўнгилларимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Жамоамиз томонидан ҳар ўқув йилида эътироф этишга арзигулик муваффақиятларга эришилмоқда. Албатта, университет жамоасининг бундай ютуқларни қўлга киритишида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилганлиги катта аҳамиятга эга. Қайд этиш зарурки, ҳар йили университетимиз ҳудудида янги бир бинонинг очилиш маросимини ўтказиш анъана тусини олди.  Бунга Сиз муҳтарам профессор-ўқитувчилар, талабалар ва университетемизга тез-тез ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳам гувоҳ бўлиб туришибди. Айниқса, талабаларга янада қулай шароитлар, кенг имкониятлар яратиш бош мақсадларимиздан бирига айланди. Хусусан, янги ўқув бинолари ва ТТЖлар ҳамда ёшлар маркази кабиларнинг қурилиши, мавжуд биноларнинг янгидан замонавий шаклда таъмирланиши, ўқув материаллари билан мунтазам таъминланиб борилиши шулар жумласига киради.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб талабаларни ётоқхона билан таъминлаш бўйича онлайн тизим ишга туширилгани олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг натижасидир. Айтиш керакки, талабаларни турар жой билан таъминлаш жараёнининг рақамлаштирилганлиги, энг аввало, ёшларнинг вақт сарфламасдан, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликсиз, тез ҳамда осон ётоқхонага жойлашиш имкониятини беради. 

Шунингдек, университетда талабалар турар-жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази ҳам ўз фаолиятини бошлагани талабаларга яна бир енгиллик яратди.

 Ана шундай жадал ўзгаришларнинг рўй бераётгани, замонавий иншоотларнинг қад ростлаётгани, янги қулай тизимларнинг жорий қилинаётгани кўпчиликни шу даргоҳда таълим беришни ва олишни орзу қиладиган даражага етказди. Бир сўз билан айтганда, айни вақтда университетимиз жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техникавий базага эга бўлди. Бундай ислоҳотлар, айниқса, фаолиятимизнинг асоси бўлган илмий соҳада сезиларли натижалар кўрсатишимизга замин яратмоқда. Университетимиз ҳаётида ўтган бир йил илмий салоҳиятни ошириш, илмий ва инновацион соҳада қатор янгиланишлар, илмий ютуқларга эришиш ҳамда хорижнинг энг илғор тажрибаларини ўрганиш, уларни миллий тажрибаларга сингдирган ҳолда фан ва таълим соҳасига татбиқ этиш даври бўлди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан ўнлаб монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг нашр эттирилиши, мамлакатимиз ҳамда хорижнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилаётган мақолалар, Январь-август ҳолатига кўра ўндан ортиқ DSc ва қирққа яқин PhD диссертацияларнинг муваффақиятли ҳимоя қилингани, илмий салоҳиятнинг эса 37.6 фоизга ошгани илмий соҳадаги ютуқларимиз ҳамда педагогик фаолиятимизнинг самараси экани барчамизни қувонтиради.

Қадрли ҳамкасблар!

Янги ўқув йили бошланиши арафасида университетда фаолият юритаётган ҳар бир профессор-ўқитувчи, ҳар бир талаба ва ҳар бир ишчи-ходим ўтган йилдагидан кўра янада яхши натижаларга эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Ўйлайманки, ана шундай эзгу мақсадларга интилишимиз бошланаётган янги ўқув йилида ўз самарасини беради. Ишонаманки, Сиз азизлар олийгоҳда таҳсил олаётган иқтидорли, билимли, зукко талаба-ёшларни аниқлаш, тарбиялаш, уларнинг фан олимпиадаларида муносиб ўринларни эгаллашини таъминлаш, Давлат стипендиялари ва мукофотларига тавсия қилиш ҳамда юксак натижаларга эришишларида бор имкониятингиз, илмингиз, салоҳиятингиз ва меҳнатингизни аямайсиз.

Мана шундай қутлуғ лаҳзаларда барчангизни яна бир бор азиз ва жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан самимий қутлайман. Сизларга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам саломатлик, фаровон ҳаёт, юрт тинчлиги, гуллаб-яшнаши ва равнақи йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизда зафарлар ёр бўлишини тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!  

 

Қарши давлат университети ректори
Д. Набиев

Теглар: #tabrik