21 октябр — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!

21 октябрь 2023
Оммавий тадбирлар

Ассалому алайкум!

Авваломбор барчангизни бугунги айём - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз тўрт йиллиги билан самимий муборакбод этаман!

Тил - инсониятга инъом этилган буюк неъмат! У халқ тарихи, руҳияти, ўзлигини ифодалайди. Бинобарин, бетакрор маданий-маърифий бойликлар, асрий қадриятлар шу тушунчага пайвандланади.

Ер юзида тиллар кўп, лекин ҳар бир халқ учун ўз тили азиз ва муқаддас, давлат тили – миллий мустақилликнинг тимсоли, жамият кўзгуси ва давлат рамзи саналади.

Ўзбек тили халқимизнинг шу кунгача қўлга киритган ютуқларидан энг залворлилари қаторида дея, ҳеч шубҳасиз, миллий тилимизни эътироф этсак бўлади.

Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!

 

Дилмурод НАБИЕВ

Қарши давлат университети ректори, профессор