Университет янгиликлари

Амир Темур - буюк бунёдкор шахс

6 Апрель, 2021

Жорий йилнинг 5 апрель куни Ижтимоий фанлар факультети Жаҳон тарихи кафедраси томонидан 7-талабалар турар жойида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллуд куни муносабати билан “Соҳибқирон Амир Темурнинг Жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни Жаҳон тарихи кафедраси мудири, т.ф.д.Г.Мўминова кириш сўзи билан бошлаб берди. Тадбирда маърузачилар соҳибқироннинг ҳаёти ҳамда фаолияти авлодлар учун ибрат эканлигини таъкидлаб, буюк бобокалонимиз томонидан амалга оширилган яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида кенг маълумот беришди.

- Бобокалонимиз Амир Темур нафақат ўз юртида, балки қадами етган жамики жойда мустаҳкам иморатлар, сарой ва мақбаралар барпо қилиб, кўприк ҳамда йўллар бунёд эттирган, - дейди доцент А.Пардаев. - Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари ҳам бунинг исботидир.

Тадбирда, шунингдек, Амир Темур давлатчилиги тарихи, унинг дунё фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, амалга оширган бунёдкорлик ишлари, юртимизда мустақиллик йилларида соҳибқирон сиймосининг тикланиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.