Университет янгиликлари

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Қарши давлат университети ректори Д.Х.НАБИЕВ табриги

18 Март, 2021

НАВРЎЗ – ЭЗГУЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК АЙЁМИ

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-хизматчилар!

Ўлкамизда яна кўклам нафаси ҳукмрон. Баҳор ўзи билан бирга инсонлар қалбига илиқлик, онгу шуурига тиниқлик, вужудига ғайрат-шижоат олиб келмоқда. Фасллар келинчаги бўлмиш баҳорнинг илк ойини халқимиз ўзгача шукуҳда ўтказади. Чунки бу ойда барча орзиқиб кутадиган гўзал ва дилбар айёмлар – Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўзи олам юртимиз бўйлаб кенг нишонланади. Шу қутлуғ лаҳзаларда қадрли жамоамизни фараҳли айёмлар билан қутлаш менга олам-олам ғурур ва ифтихор бахш этади.

Мана бир неча минг йилдирки, Шарқ халқлари қуёшнинг ҳамал буржига кириб, кун билан тун бирлашган 21 март санасини она заминимизга баҳор фаслининг кириши ва табиатнинг янгиланиши сифатида кенг нишонлаб келмоқда. Аксар халқларда бир неча кун давом этадиган Наврўз шодиёналари ўзида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик каби қадриятларни намоён этгани ҳолда, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шунингдек, мазкур байрам мада¬ниятлараро мулоқот ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириш, авлодлар ўртасидаги бирдамлик, оилалар тотувлиги, қўни-қўшничилик муносабатлари, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳ¬камлашда алоҳида аҳамият касб этади. Наврўз айёми ана шундай эзгуликка юғрилгани боис у ЮНЕСКО тарафидан номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилди, БМТ томонидан 21 март – “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди. Шу тариқа бугун Наврўз бирор-бир миллат ёки маданиятнинг байрами эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Айни кунларда юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, байрамона руҳ, байрамона кайфият ҳукм сурмоқда. Меҳнатсеварлик, тинчликпарварлик, бунёдкорлик ҳисси билан яшаётган халқимиз азиз ва мўътабар бўлган  Наврўз шодиёналарини кўтаринки руҳ билан қаршиламоқда. Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда ушбу байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар.

Ўтказилаётган тантана ва маросимларда Наврўз айёмининг қадриятлари, унинг теран фалсафалари чуқур акс этишига алоҳида эътибор қаратилаётгани барча юртдошларимиз қалбига беҳад миннатдорлик, шукроналик ва мамнуният бахш этаётганини эътироф этишимиз лозим. Наврўз табиат ва инсониятнинг ўзаро уйғун ҳаёти, эл-улус қалбида яратиш, бунёдкорлик ҳисларини ўзида мужассам этган энг қадимий ва севимли, ҳақиқатан, умумхалқ байрами сифатида қадрли, ҳар бир хонадонга шоду  хуррамлик олиб кириши билан азиз ва суюклидир. 

Ушбу шодиёна она юртимизда асрлар давомида шаклланган саховатпешалик, она тупроққа меҳр туйғуларининг тантанаси, бир йиллик бунёдкорлик ишларининг дебочасидир. Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. Улуғ айём арафасида амалга оширилаётган ана шундай хайрли ишларда университетимиз профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётганлари барчамизни қувонтирмоқда. 

Қадрли университет жамоаси! Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан Сиз азизларни чин қалбимдан муборакбод этаман ва энг самимий тилакларимни изҳор қиламан. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин! Сизларга,  барча яқинларингизга қувонч ва шодлик, тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, фаровон ҳаёт, илмий-педагогик ва ижодий фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлишига тилакдошман! Яна бир бор Сизларни эзгулик, нафосат, яшариш, янгиланиш, меҳр-оқибат аёми бўлмиш Наврўз умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман! Ушбу кунда Сизларни қувонч ва шодлик тарк этмасин! Оилангизга бахту саодат, хонадонларингиздан тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака аримасин!

Наврўзи олам, барчамизга муборак бўлсин!

Дилмурод Хамидуллаевич Набиев,

Қарши давлат университети ректори