ҚарДУ ўқитувчилари Туркияда илмий стажировка ўтамоқда

Айни кунларда Қарши давлат университети профессор-ўқитувчилари Г.Тожиева, Н.Йўлдошева жорий йилнинг 13 ноябрдан 29 ноябргача бўлган муддатда Туркиянинг Отатурк университетида қисқа муддатли илмий стажировка ўтамоқда. Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Туркиянинг Отатурк университетида “Турк дунёсидаги алифболарнинг ҳозирги ҳолати ва ечим таклифлари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Семинарда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон ва мезбон Туркия олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар, соҳанинг етакчи олимлари иштирок этди. Семинар якунида муҳокама ва музокаралардан сўнг қўшма якуний декларацияси тайёрланди. Турк дунёсидаги алифбо муаммоларини ҳал қилиш таклифи бўлган, бир овоздан қабул қилинган якуний декларацияни Туркий давлатлар ташкилотига юборишга қарор қилинди.

Аҳамиятлиси, халқаро семинарда Г.Тожиева, Н.Йўлдошева Қарши давлат университети фаолияти ҳақидаги тақдимот ва маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро семинар якунида Қарши давлат университети ва Туркиянинг Отатурк университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, икки олий таълим муассасалари ўртасида маданият, тадқиқот фаолияти, семинар ва илмий учрашувларда иштирок этиш, қисқа муддатли махсус ўқув дастурлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви доирасида ҳамкорлик амалга оширилади. Университет ўқитувчиларининг илмий стажировкаси давом этмоқда.