Университет янгиликлари

9 май - Хотира ва қадрлаш куни

7 May, 2022

Туркум тадбирлар тафсилоти

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Шу кунларда юртимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлмоқда. Айни кунларда Қарши давлат университетининг барча факультетларида сана муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фахрий ўқитувчилар ҳолидан хабар олинаётир.

Жумладан, Кимё-биология факультети декани Л.Камолов, декан ўринбосарлари Ў.Норчаев, Ў.Тошов, Хотин-қизлар масалалари бўйича декан маслаҳатчиси Р.Йўлдошова ва кафедра мудирлари И.Чўлиев, Ғ.Бобоназаров ҳамда кафедра ўқитувчилари факультетда узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда нафақадаги фахрий устозлар Қ.Шаропов, Д.Ҳамраева, Х.Рўзиев, Л.Ҳакимова хонадонига ташриф буюрдилар. Улар билан дилдан суҳбат қурдилар, байрам билан табриклаб, совғалар улашишди.

Математика ва компьютер илмлари факультети Алгоритмлар ва дастурлаш технологиялари кафедраси профессор-ўқитувчилари узоқ йиллар давомида университетда фаолият юритган заҳматкаш устоз, кўплаб шогирдларни етиштирган фахрий мураббий, доцент С.Узоқов ҳолидан хабар олдилар. Шогирдлар ташрифи ва ҳурмат-эҳтиромидан мамнун бўлган устоз бугунги дориломон кунларга шукроналар келтириб, ёшлар камолоти, баркамоллигини тилади. Шунингдек, кафедра ўқитувчилари Қарши давлат университетида 64 йил узлуксиз фидокорона меҳнат қилган университет фахрий профессори, 2 та монография, 10 тадан ортиқ рисола, 120 дан ортиқ мақолалар муаллифи Т.Содиқов хонадонида бўлишди. Марҳум устознинг илмий фаолияти, сермазмун ҳаёт йўли хотирланди.

Жисмоний маданият факультетида ташкил этилган тадбирга жамоада анча йиллар самарали фаолият юритган ва ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий ўқитувчилар Исо Вардиашвили, Мурод Мадаминов, Наим Бозоров таклиф этилди. Самимий суҳбат чоғида бугун сафларимизда юрган, элу-юрт тинчлиги ва равнақи, илм-фан ривожи йўлида хизмат қилган фахрийларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганлиги эътироф этилди.

Филология факультети профессор-ўқитувчилари Адабиётшунослик кафедрасининг фахрий аъзоси, доцент Камол Очилов хонадонига ташриф буюришди. Устозни байрам билан қутлаб, эсдалик совғаларини топширишди. Табиийки бундай учрашувлар ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Тадбирлар давом этмоқда.