Оммавий тадбирлар

ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИНИНГ 8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН УНИВЕРСИТЕТ ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

5 March, 2021

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Мунис опа-сингиллар! 

Аввало, сизларни, бутун Университетимиз хотин-қизларини гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга ўзимнинг энг эзгу ва самимий тилакларимни билдириб, доимо оилангиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиш бахтини тилайман.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман.” деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.

Бугунги кунда университетимизда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг 327 нафарини, ўқув-услубий ёрдамчи ходимларнинг 156 нафарини, хўжалик тизимидаги ишчи ва хизматчиларнинг 99 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Уларнинг орасида 1 нафар профессор, 2 нафар фан докторлари, 46 нафар доцент, 24 нафар фалсафа доктори PhD ўз билими ва истеъдоларии билан университетимиз равнақига астойдил хизмат қилиб келишмоқда.

Бугунги кунда Университетнинг кундузги таълим йўналишларида жами 7 554 нафар шунингдек, магистратура мутахассисликларида 253 нафар қизларимиз таҳсил олишмоқда.

Бугун даврамизда ана шундай муҳтарама аёлларимизни, уларнинг давомчилари бўлган истеъдодли қизларимизнинг муносиб вакилларини кўриб турганимдан хурсандман. 

Муҳтарама опа-сингиллар! 

Университетимизда 8 март байрами муносабати билан кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларда тарбияланаётган ва имконияти чекланган талаба-қизларимиздан 174 нафарига бир базавий степендия миқдорида (478 минг сўм); 

хўжалик ходималарига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида (747 минг сўм);

университетда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчи
ва бошқа ходималаримизнинг ҳар бирига 350 минг сўм миқдорида пул маблағлари байрам туҳфаси сифатида ажратилди.

Шунингдек, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 нафар талаба ва 100 нафар хўжалик ходималарига байрам дастурхони ташкил этилади.

Албатта, миқёси ва кўлами тобора кенгайиб бораётган бундай эзгу ишларимиз ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин биз бу ишларнинг барчасини катта йўлдаги дастлабки қадамлар, деб биламиз.

Университет салоҳиятини юксалтириш, янгилаш, фан ва таълим соҳасидаги ютуқларимизни жаҳон андозалари даражасига кўтариш мақсадида бошлаган эзгу ишларимиз келгусида биз кутган амалий натижаларни бериши учун сиз азиз опа-сингилларимиз ҳам ўзларингизни муносиб ҳиссаларингизни қўшасизлар деб ишонаман.

Сўзимнинг охирида барчангизни хотин-қизлар байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.

Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!

Эътиборларингиз учун рахмат.

Дилмурод Хамидуллаевич Набиев,
Қарши давлат университети ректори