Оммавий тадбирлар

⚡️ Шавкат Мирзиёев Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этилишини айтди

11 October, 2021

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

«Турли даврларда Насаф шаҳрида яшаб фаолият кўрсатган 400 нафардан зиёд исломшунос олимларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларини бугунги тилимизда, кенг жамоатчиликка тушунарли қилиб нашр этиш – муҳим вазифамиздир. 

Хусусан, Абул Муин Насафий, Нажмиддин Насафий, Азизиддин Насафий, Барокат Насафий, Хиромий, Сайидо Насафий, Хаёлий сингари улуғ алломаларнинг маънавий мероси бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. 

Айниқса, буюк ватандошимиз Абу Муин Насафий бундан минг йил олдин жаҳолатга берилган кимсаларни ўз асарлари орқали тўғри йўлга бошлагани тарихдан яхши маълум. 

Албатта, сизлар билан биргаликда Қарши туманида улуғ аждодимизга бағишлаб муҳташам ёдгорлик мажмуасини бунёд этганимиз эзгу ва хайрли иш бўлди. Мен бугун ушбу мажмуани зиёрат қилиб, кўнглим таскин топди. 

Шу ишларнинг давоми сифатида Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этсак, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга кенг танитишда яна бир муҳим қадам қўйган бўламиз», деди Мирзиёев.