Университет янгиликлари

⚡️ Кексалари эъзоз топган юрт

8 October, 2021

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга оид ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан 4-10 октябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда.

Вилоятимизда ҳам  ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги”да нуронийлар билан учрашган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ОТМларда кексаларимиз иштирокида тарбиявий дарслар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиши ҳақида маълум қилганди. Қарши давлат университетида ҳафталик доирасида фахрийлар билан учрашув ташкил қилинди. Тадбирга вилоятимизда узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган фахрийлардан Январ Пўлатович Иноятов ҳамда Алламурод Тожиев таклиф қилинди.

Давра суҳбатини Қарши давлат университети ректори Д.Набиев кириш сўзи билан бошлаб, бу каби учрашувларни ташкил этишдан мақсад ёшлар маънавиятини ошириш, уларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш эканлигини таъкидлади. Учрашувда сўз олган фахрийлар ўзларининг болалик орзу-ҳаваслари, машаққатларга бой меҳнат фаолияти, эришган ютуқлари, янги Ўзбекистонда ишлаш, тадбиркорлик қилиш, ўқиш истагида бўлган ёшларга яратилаётган имкониятларга ҳавас қилишлари, ушбу имкониятлар қадрига етиш ва улардан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳақида йиғилганларга сўзлаб беришди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти, ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам эканлигини эътироф этишди. Мазмунли тарзда кечган учрашув якунида талабалар томонидан йўлланган саволларга батафсил жавоб берилди.