Университет янгиликлари

Янги Ўзбекистон стратегияси - келажагимиз замини

12 September, 2021

Янги марралар сари интилаётган Ўзбекистон бугун муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар арафасида турибди. Бу воқеа мамлакатнинг яқин келажакдаги тақдири, истиқболлари, ижтимоий тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаши билан муҳимдир. 

Шу боисдан ҳам Президентликка номзодлари кўрсатилган ҳар бир арбобнинг сайловолди дастури жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиши табиий. Бироқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг бугунги қурултойида маълум қилинган Президентликка номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўз сайловолди дастури юзасидан қилган нутқи айниқса жиддий эътиборга сабаб бўлди. Чунки мазкур нутқ ижтимоий жараёнларнинг чуқур таҳлили, бугунги воқеликнинг тўкис талқини, келажакда амалга оширилиши режалаштирилаётган тадбирларнинг кўлами билан диққатни тортди.

Нутқнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда Президентликка номзод мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилар экан, унинг мазмуни ва мантиғи, пировард мақсадлари ва мўлжалларини ёрқин ифодалаб берди. Номзоднинг таъкидлашича, ислоҳотлар самараси ўлароқ кейинги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга ошди, ялпи ички маҳсулотимиз 60 миллиард долларга етди. Бундай кенг кўламли ислоҳотларнинг асл мақсади жонажон диёримизнинг барқарор тараққиётини, унда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро турмушининг фаровонлигини таъминлашдан иборатлигича қолмоқда.

Яна бир муҳима жиҳати шундаки, унда бугунги воқелик мамлакат тараққиётини янада жадаллаштириш, унинг тақдирига масъулият билан ёндашиш заруриятини кун тартибига қўяётгани асослаб ва тушунтириб берилди. Президентликка номзод қуйидаги омиллар мамлакат тинчлиги ва хавфсизлиги, барқарор тараққиёти учун масъулиятни ошираётганини алоҳида кўрсатиб ўтди:

- мамлакатимиз аҳолисининг 35 миллионга етгани;

- аҳолининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этаётгани;

- дунё миқёсида иқтисодиёт таркибининг кескин ўзгариб бораётгани;

- иқлимнинг кескин ўзгариб, сув ресурсларининг камаяётгани;

- халқаро майдондаги зиддиятларнинг халқлар тинчлиги ва осойишталигига раҳна солаётгани.

Шу билан бирга,  нутқда Ватанимизни тараққиётнинг янги босқичига кўтаришга хизмат қиладиган ва халқимизнинг энг эзгу ниятларига таянган Янги Ўзбекистон стратегияси маълум қилинди. Бу стратегия, аввало, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга;

иккинчидан, фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга;

учинчидан, халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтиришга;

тўртинчидан, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этишга; бешинчидан, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлашга;

олтинчидан, камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга;

еттинчидан, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган чоралардан таркиб топади.

Нутқдан кўриниб турибдики, Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг сайловолди дастури юртимиз тараққиётини жадаллаштиришга, ватандошлар турмуши фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган кенг кўламли тадбирларни ўз ичига олгани билан тавсифланади. Ватан тақдири ва равнақи учун бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро мазкур дастурда баён этилган концептуал ғоялар, стратегик вазифаларга эътиборсиз бўлмаслигига аминмиз.

 

Дилмурод Набиев,

Қарши давлат университети ректори