Университет янгиликлари

Янги ўқув йили бошланди

6 September, 2021

Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасалари жамоалари ҳам бугунги кунни катта шодиёна сифатида нишонлашмоқда. Жумладан, Қарши давлат университетида ҳам жорий ўқув йилининг сабоғи сифатида 1-босқич талабалари учун “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” мавзусида Мустақиллик дарслари ўтказилди. Таништирув дарсларида университет профессор-ўқитувчилари талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Билимлар куни билан қутладилар.

Шунингдек, маърузаларда мустақилликнинг  буюк неъмат эканлиги,  унинг замирида эркин ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик мужассамлиги, ҳар бир халқ ва миллат ўз эрки ва озодлиги учун матонат ила курашиб, яшаши катта шараф эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Таништирув ҳафталигида талабалар кредит-модуль тизимининг мазмун-моҳияти, ўқув жараёнига татбиқ этилиш тартиби, олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ва шу каби зарурий ахборотлар билан таништирилади.